Нижний Новгород вилоятида содир бўлган ЙТҲда етти нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлгани Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати томонидан маълум қилинди.
Аввалроқ хабар қилинганидек, 1 сентябрь куни М-12 «Восток» федерал трассасида Ҳюндаи Гранд Старех русумли минивен Москва томон ҳаракатланаётган эди. 32 ёшли ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, юқори тезликда йўл четидаги тўсиққа урилган, шундан сўнг автомобиль ағдарилиб кетган. Минивенда жами 12 киши бўлган.
Ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 264-моддаси 5-қисми (икки ва ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлган йўл ҳаракати қоидаларини ва транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Нижний Новгород вилояти прокуратураси ЙТҲ ҳолатларини аниқлашни назоратга олди.
Kun.uz манбасига кўра, йўл-транспорт ҳодисасида қуйидагилар ҳалок бўлган: Атоев Азим Ахрорович (1992 йилда туғилган, Бухоро вилоятининг Ромитан туманида яшовчи), Абдуллаев Икромбек Садуллаевич (1983 йилда туғилган, Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида яшовчи), Акимниязов Хасен Убайдуллаевич (1986 йилда туғилган, Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида яшовчи), Назаров Зафарбек Илҳомиддин ўғли (1993 йилда туғилган, Навоий вилоятининг Хатирчи туманида яшовчи), Номозов Зариф Нормаматович (1981 йилда туғилган, Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида яшовчи), Махмудова Ҳакимахон Шермахамматовна (1978 йилда туғилган, Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида яшовчи), Тўляков Садриддин Садуллаевич (1973 йилда туғилган, Навоий вилоятининг Кармана туманида яшовчи).
Ҳозирги пайтда президент топшириғига мувофиқ яқин кунлар ичида ҳалок бўлганларнинг жасадларини ватанга қайтариш билан боғлиқ барча ташкилий масалаларни тезкор ҳал этиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Зарурат туғилганда, қўшимча маълумот олиш учун Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси консуллик бўлимининг қўнғироқ марказига мурожаат қилиш мумкин: +7 499 238-36-20; +7-499 230-00-76, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги Бош консулхонасига: +7 843 526-55-63.