Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева Қатарда Халқаро таълимни хуружлардан ҳимоя қилиш кунига бағишланган давра суҳбатида иштирок этди. Бу ҳақда унинг Телеграм-каналида хабар қилинди.
«Ўзбекистон, айниқса, қизлар ва аёллар учун, жумладан, чегарадан ташқарида сифатли таълим олишдан манфаатдор», — деди Мирзиёева.
Шунингдек, у 2018 йилда президент ташаббуси билан Термиз шаҳрида касбий таълим маркази очилгани, бу ерда ҳозиргача 700 га яқин Афғонистон фуқаролари таҳсил олгани, улардан 200 нафари қизлар ва аёллар эканлигини қўшимча қилди.
«Бу Афғонистон аёллари учун жуда муҳим – мамлакатда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида малакали тиббиёт кадрлари кескин етишмайди. Биз гуманитар инқирознинг олдини олиш учун афғон қизлари ва аёлларини зарур касбларга ўқитишни давом эттиришга тайёрмиз, Қатар ҳукумати ва «Таълим ҳамма нарсадан устун» жамғармаси бу борада бизга ёрдам беришга тайёр», — деди Мирзиёева.
Бироқ, унинг аниқлик киритишича, ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, бу барча томонлар учун осон иш эмас.
«Аммо биз бу йўналишда бор кучимизни ишга солишга тайёрмиз. Аёл учун таълим олишдан эркинроқ ҳимоя йўқ», — дея хулоса қилди Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси.
Эслатиб ўтамиз, Саида Мирзиёева 6 сентябрь куни Қорақалпоғистоннинг иқтисодий ва ижтимоий аҳволи оғир ҳудудларида бўлиб, вазиятни жойида ўрганган эди.