Тошкентда «Hello Tashkent, Salam Tashkent» канали админлари қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Қизларнинг интим суратларини тарқатган ва шантаж орқали пул ишлаб топган Telegram-канал администраторларига ҳукм чиқарилди.

Тошкентда «Hello Tashkent, Salam Tashkent» канали админлари қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман суди 11 январь куни «Hello Toshkent, Salam Tashkent» номи билан Telegram-канал ва гуруҳлар яратган бир гуруҳ шахсларга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқишни якунлади.

Улар 2023 йилнинг май ойида Telegram гуруҳларида аёлларнинг интим сурат ва видеоларини жойлаштиргани, олиб ташлаш учун гуруҳ аъзолари 100 минг сўмдан 500 минг сўмгача пул талаб қилгани учун қўлга олинган эди.

Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари билан айбланган:

  • 130-модда (порнографик маҳсулот тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш) 2-қисми «б» банди;
  • 139-модда (туҳмат) 3-қисми «а», «г», бандлари;
  • 140-модда (ҳақорат қилиш) 2-қисми;
  • 141-3-модда (шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) 2-қисми «б», «в» бандлари;
  • 165-модда (товламачилик) 2-қисми «а», «в» бандлари).

Судья Ж.Саидов ишни Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддасига асосан ёпиқ мажлисда кўриб чиқди. Олий суд сайтида берилган маълумотларга кўра, 62 нафар жабрланувчи ва даъвогарлардан 55 нафари аёллардир.

Иш бўйича 3 нафар эркак — Ш.И, Б.С. ва В.Х.лар айбланувчи бўлган (гарчи дастлаб 6-7 киши ҳибсга олинган). Уларга 3 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Рақамли технологиялар вазирлигига Telegramʼдаги тегишли аккаунт ва гуруҳларни блоклаш топширилди.

Бўлишиш
Юбориш
Твит ёзиш