Техник тартибга солиш агентлиги тўлиқ ислоҳ қилиниб, ҳукумат таркибига ўтказилади

18 январь куни президент раислигида ўтказилган йиғилишда Техник тартибга солиш агентлиги тўлиқ ислоҳ қилиниб, ҳукумат таркибига ўтказилиши белгиланди. Соҳадаги барча ҳуқуқий жараёнларни талаб даражасига етказиш учун адлия вазири Акбар Тошқулов масъул бўлади.

Техник тартибга солиш агентлиги тўлиқ ислоҳ қилиниб, ҳукумат таркибига ўтказилади

Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги [собиқ «Ўзстандарт»] тўлиқ ислоҳ қилиниб, ҳукумат тасарруфига ўтказилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 18 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

Айрим корхоналарда халқаро сертификат йўқлиги учун глобал логистика занжирларига қўшила олмаяпти. Иқтисодиётнинг драйвер соҳаларида халқаро стандартларни жорий қилиш даражаси 35 фоизга ҳам етмайди.

Шу боис Техник тартибга солиш агентлиги тўлиқ ислоҳ қилиниб, Ҳукумат таркибига ўтказилиши белгиланди, — деди давлат раҳбари.

Шу йиғилиш давомида президент Техник тартибга солиш агентлиги раҳбари Дилшод Саттаровни лавозимидан озод қилганди.

Умуман ушбу соҳадаги барча ҳуқуқий жараёнларни талаб даражасига етказиш учун адлия вазири Акбар Тошқулов масъул этиб белгиланди. Икки ойда соҳани тартибга солмаса, лавозимидан озод этилиб, ушбу агентликка раҳбар этиб тайинланиши ҳақида огоҳлантирилди.

Мутасаддиларга 2024 йилда энг кўп экспорт бўладиган Европадаги 10 та давлат билан миллий сертификатни икки томонлама тан олиш бўйича келишувга эришиш, 1,7 мингта халқаро стандарт ва 19 та техник регламентни қабул қилиш, 1,2 мингта корхонада халқаро сифат тизимларини жорий этиш, сифати кафолатланган маҳсулотлар турини 4 мингтадан 7,5 мингтага етказиш топширилди.

Жорий йилда «GSP+» тизими орқали Европага экспорт қилинадиган товарлар турини 700 тага, ҳажмини 1,2 миллиард долларга етказиш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда экспортнинг 50 фоизи 4 та бозорга – Россия, Хитой, Қозоғистон ва Туркияга тўғри келиши таъкидланди. Улардан ташқари экспортни 1 миллиард долларга чиқариш мумкин бўлган мамлакатлар билан яқиндан ишлаш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Ёки экспортнинг асосий қисмини ташкил қиладиган 20 турдаги маҳсулот 1 та бозорга боғлиқ бўлиб қолган.

Бўлишиш
Юбориш
Твит ёзиш