Тошкентда бутун оила ҳушсиз ҳолда топилди: 3 киши вафот этган, яна икки киши жонлантириш бўлимида

16 январь куни Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги хонадонларнинг бирида бутун оила ҳушсиз ҳолда топилди. Ота-она ва уларнинг қиз фарзанди вафот этган, 12 ва 8 ёшли болалар эса жонлантириш бўлимида қолмоқда.

Тошкентда бутун оила ҳушсиз ҳолда топилди: 3 киши вафот этган, яна икки киши жонлантириш бўлимида

Хонадон кўздан кечирилганда, оиланинг икки аъзоси: 36 ёшли М.Н. ва 3 ёшли С.С. вафот этгани аниқланган. 39 ёшли З.А. эса кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан 17 январь куни вафот этган.

Оиланинг 12 ёшли ва 8 ойлик қизлари эса Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг токсикология жонлантириш бўлимига ётқизилган. Ҳозирда уларнинг ҳам аҳволи оғир эканлиги айтилмоқда.

Ҳодиса жойидан турли хил гиёҳ ва дори воситалари, хонадонда истеъмол қилинган озиқ-овқат маҳсулотларининг барчаси ашёвий далил сифатида олинган.

«Бу дастлабки маълумотлар, ҳозирда ҳолат юзасидан экспертиза тайинланган. Аниқ хулосалардан кейин оила аъзолари қандай вафот этгани маълум бўлади», — деб таъкидлади БП матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов.

Ҳолат бўйича Учтепа туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бўлишиш
Юбориш
Твит ёзиш