«Адолат» партиясини президентликка собиқ номзод Робахон Маҳмудова бошқаради

Робахон Махмудова Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси сиёсий кенгаши раиси этиб сайланди. У 2020 йил июль ойидан буён Олий суд раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

«Адолат» партиясини президентликка собиқ номзод Робахон Маҳмудова бошқаради

Робахон Маҳмудова Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси сиёсий кенгаши раиси этиб сайланди, деб хабар берди ЎзА.

2020 йил октябрь ойидан буён партия етакчиси бўлган (2021 йил кузида бўлиб ўтган президент сайловида иштирок этган) Баҳром Абдуҳалимов ўз баёнотига кўра, лавозимидан озод этилган.

Робахон Маҳмудова 2020 йил июль ойидан буён Ўзбекистон Олий суди раисининг биринчи ўринбосари – Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимида ишлаб келаётган эди. 2023 йилда у «Адолат» партиясидан навбатдан ташқари президентлик сайловларида қатнашиб, 4,43 фоиз овоз олиб, давлат раҳбари этиб қайта сайланган Шавкат Мирзиёевдан кейин иккинчи ўринни эгаллаганди. Сайлов кампанияси ва сайловлар пайтида унинг судьялик ваколатлари тўхтатилган.

У 1958 йилда Фарғона шаҳрида туғилган, Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди раиси, президентнинг Фарғона вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири лавозимларида ишлаган. Маҳмудова Сенатнинг Фан, таълим, соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси лавозимида ҳам фаолият олиб борган.

Сенат жума куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда Робахон Маҳмудова бошқа ишга ўтгани муносабати билан Олий суд раҳбарлигидан озод этилишини маъқуллаганди.

Жорий йилнинг кузида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг навбатдаги сайлови ўтказилиши керак.

Бўлишиш
Юбориш
Твит ёзиш