Вилоят ҳокими президент қарорини нотўғри асос қилиб кўрсатган ҳолда қарор чиқариб, гўёки «бино ва иншоотларни» берганлик ниқоби остида ер ажратган.
Қарорга кўра, «Ёшлар кўли» бино-иншоотларига 6 млн АҚШ доллари хорижий ҳамда 90 млрд сўм ички инвестиция киритиш, меҳмонхона, ресторан, савдо мажмуаси лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда 100 тадан кам бўлмаган янги иш ўрни яратиш шарти билан Unays буилдинг МЧЖга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бириктириб берилган.
Фарғона вилояти ҳокимининг юқоридаги қарорига ҳуқуқий асос сифатида президентнинг 2019 йил 7 мартдаги «Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4231-сонли қарори келтирилган.
Фарғона вилояти ҳокими эса ўз қарори билан «бино ва иншоотлар» «ниқоби»ни кийдирган ҳолда «Ёшлар кўли»нинг 2,2 гектарлик ҳудудини қурилиш фирмасига «дом» қуриш учун бериб юбормоқда. Аслида, Хайрулло Бозоров бино эмас, ерни ажратган. Сабаби «Ёшлар кўли»нинг меҳмонхона, ресторан, савдо мажмуаси ёки кўп қаватли турар жойга айлантириладиган биноси йўқ. У ўз номи билан сунъий кўл, яъни ер майдони ҳисобланади.
«Фарғона вилояти ҳокимининг қарори 2024 йил 29 январь куни қабул қилинган. Мазкур қарор билан сахийлик қилинган фирма — Unays буилдинг МЧЖ эса қарор чиқишидан 25 кун олдин, 2024 йил 5 январь куни давлат рўйхатидан ўтказилган», — деб ёзади Kun.uz.
Таъкидланишича, 2020 йилда у ерда 1 млрд сўмдан ортиқ маблағ эвазига мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилган. Бунинг натижасида кўл сувга тўлдирилган ва у байдарка ва каноэда эшкак эшиш спорт турининг ўқув базасига айлантирилган.
Лекин бошланган ташаббус ниҳояланмай, ўлда-жўлда қолиб кетган. Сабаби чуқурлиги 10, эни 80, узунлиги 260 метр бўлган кўлга сув тўлдириш учун насослар меъёрий қувватда ишламаган. Яъни ер остидан сув тортиб олишга сарфланадиган электр қуввати учун харажатларга пул топилмаган.