Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Эрон шимолида юз берган фожиа оқибатида Эрон президенти Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳлик қилган шахсларнинг вафот этгани муносабати билан ушбу мамлакат Олий диний раҳбари оятуллоҳ Али Хоманеийга ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати ёзмоқда.

Мактубда, жумладан, Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни, ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шериклик муносабатларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган Иброҳим Раисийнинг ёрқин хотираси халқларимиз қалбларида доимий сақланиб қолиши таъкидланади.

Мирзиёев дўст Эрон халқига, марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этди.

Эслатиб ўтамиз, 19 май куни Эрон президенти Иброҳим Раисий бўлган вертолёт Озарбайжон билан чегара яқинида «қаттиқ қўнган» эди. Вертолётни қидириш тахминан 15 соат давом этган. Самолёт бутунлай ёниб кетган, барча йўловчилар вафот этган.

Муҳаммад Мохбер Эроннинг муваққат президенти бўлади.