21 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Нишон туман суди блогер Сардор Сафарбоевни 10 суткага қамаш ҳақида ҳукм чиқарди, деб хабар бермоқда Қашқадарё вилояти судлари матбуот хизмати.
Маълумотларга кўра, Сафарбоев Жиноят кодексининг 183 (майда безорилик) ва 184−3 (миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.
Суд қарорида қайд этилишича, TikTok ижтимоий тармоғида фаол бўлган блогер жонли эфир вақтида «жанглар» уюштирган ва фуқароларни ҳақоратлаган, беҳаё сўзлар ишлатиб, ёшларга таъсир этувчи салбий ҳолатлар содир этган. У жамиятда умумеътироф этилган меъёр ва хулқ-атвор қоидаларини қасддан менсимай, майда безорилик ҳаракатларини ҳам содир этган.
Бундан ташқари, блогер TikTok ва YouTube платформаларида турли беҳаё ибораларни ишлатиб, кўплаб томошабинлар эътиборини тортган видеоларни жойлаштирган.
«Жумладан, TikTokʼдаги видеолардан бирида блогер 2023 йил 15 сентябрда бўлиб ўтган «жанг» доирасида «Юсуф Араб» исмли профиль эгасига нисбатан миллий ва этник адоватни тарғиб қилувчи фикрларини билдирганг», — дейилади хабарда.
23 февраль куни Қашқадарё вилоят судининг апелляция инстанцияси шикоятни кўриб чиқди ва ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди.