Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) Тартиб-интизом қўмитаси 22 февраль куни «Бунёдкор» футбол клуби ва жамоанинг собиқ ўйинчилари Ривалдо ва Денилсон ўртасидаги узоқ йиллик молиявий можарони кўриб чиқди.

Ҳужжатга кўра, ФИФА Ўзбекистон футбол ассоциациясига «Бунёдкор» клубининг Ривалдо олдидаги €8,1 млн, Денилсон олдидаги €1,1 млн қарзини тўлаш бўйича қарор юборган.

«Бунёдкор» футбол клуби ФИФАнинг низоларни ҳал этиш бўйича Миллий палатасининг (НДРC) 2017 йил 21 сентябрдаги қарорини тўлиқ бажармаганликда айбдор деб топилди. Буни Спорт арбитраж суди (CАС) 2023 йил 6 ноябрда тўлиқ тасдиқлаган.

«Бунёдкор» Ривалдо Витор Борба Феррейрога тўлаши керак:

  • 2 489 947 евро — клуб томонидан футболчига тўланмаган ва йиллик 5% бонус;
  • 5 664 000 евро — шартноманинг бекор қилиниши муносабати билан товон пули ва йиллик 5% бонус;
  • 10 000 Швейцария франки — ҳакамлик муҳокамаси харажатлари учун компенсация.

Денилсон Мартинс Насименто олдидаги мажбуриятлар 1,11 миллион долларни ташкил этди:

  • 700 минг доллар — клуб томонидан тўланмаган бонуслар ва йиллик 5% бонус;
  • 400 минг доллар — шартнома шартларини бузганлик учун компенсация ва йиллик 5 фоиз бонус.
  • 10 минг Швейцария франки — ҳакамлик муҳокамаси харажатлари учун компенсация.

«Клуб маблағни 30 кун ичида тўлаши керак, акс ҳолда ташкилот тегишли чораларни кўради», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ривалдо Витор 2008-2010 йиллар давомида «Бунёдкор» клуби сафида тўп сурган ва 61 учрашувда 37 та гол уриб, 3 марта Ўзбекистон чемпиони бўлган. У шунингдек, 1999 йил учун «Олтин тўп» соҳиби, ФИФА талқинига кўра йилнинг энг яхши футболчиси деб тан олинган, шунингдек, икки марта Испания чемпионлиги, Испания кубоги ва УЭФА Суперкубогини қўлга киритган. Фаолияти давомида у «Депортиво», «Барселона», «Милан» ва бошқа клубларда ўйнаган.

Денилсон «Бунёдкор»га 2010 йилда келиб қўшилган ва ўша мавсумда Олий лигада 14 та ўйинда 4 та, Осиё Чемпионлар лигасида 6 та ўйинда 5 та гол уриб, Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган.

Ривалдо «Барселона»даги танишлари тавсиясига кўра «Бунёдкор» клуби билан бир йиллик шартнома имзолаган. Унинг йиллик маоши солиқдан кейин 6 миллион еврони (ёки 5,3 миллион фунт стерлинг) ташкил этган ва у ўз имижидан фойдаланган ҳолда қўшимча 26 фоиз бошқа даромад олган, бу унга биринчи йилда тахминан 7,1 миллион фунт стерлинг ишлаб олишга ёрдам берган.