17 май куни Тошкентда Шавкат Мирзиёев ва Малайзия бош вазири Анвар Иброҳимнинг учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.

Давлат раҳбари олий мартабали меҳмонни самимий қарши олиб, шоҳсупага таклиф қилди. Ҳарбий оркестр икки мамлакат миллий мадҳияларини ижро этди. Биргаликда суратга тушилгандан сўнг олий даражадаги музокаралар бошланди.

Музокараларда Ўзбекистон билан Малайзия ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш, гуманитар ва таълим дастурларини амалга ошириш, туризм ва маданий алмашинувни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида амалий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Етакчилар Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари ҳамда Афғонистон масаласи юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Қўшилмаслик ҳаракати доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.