6 июнь куни Ўзбекистон Республикаси президентининг расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон Туризм қўмитаси ва Туркия Маданият ва туризм вазирлиги ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш тўғрисида баённома имзоланди.

Ҳужжат сайёҳлар оқимини ўзаро ошириш, шунингдек, бу борада қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича яқин йилларда томонларнинг амалий қадамларини белгилаб беради.

Шунингдек, ташриф доирасида Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев ва Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Президентининг 3 июнь куни сайёҳлик соҳасига бағишланган йиғилишида белгилаган вазифаларидан келиб чиқиб, Туркия томони билан Туркиядаги йирик мажмуаларда Ўзбекистон меҳмонхона бизнеси менежерларининг малакасини ошириш масалалари ишлаб чиқилди. Тиббиёт туризмини ривожлантиришда Туркия тажрибасини жалб қилиш, талабалар учун янги таълим дастурларини амалга ошириш ва бошқа таклифлар ҳам муҳокама қилинди.

Туризм бўйича Ўзбекистон-Туркия қўшма комиссиясининг навбатдаги ИИИ йиғилишини икки давлатнинг етакчи туроператорлари ва меҳмонхона тармоқлари иштирокида Хива шаҳрида ўтказиш бўйича келишувга эришилди.