АҚШ Марказий қўмондонлигининг маълум қилишича, ҳусийларнинг ракеталар ва Эрон дронлари ёрдамида ҳужуми 9 январь куни кечқурун бошланган. АҚШ авиаташувчилари Британия эсминеци билан биргаликда 18 та дрон, иккита кемага қарши қанотли ракета ва битта кемага қарши баллистик ракетани уриб туширган.
«Ансор Аллоҳ» воизи Яхья Сарианинг маълум қилишича, Яман кучлари Франциянинг CMA CGM юк ташиш ширкатига тегишли контейнер кемасига Исроил томон йўл олганини иддао қилиб ҳужум қилган.
- Яман ҳусийлари куздан бери Қизил денгиздаги кемаларга тинимсиз ҳужум қилиб келмоқда. 14 ноябрь куни гуруҳ Исроил билан боғлиқ бўлган ҳар қандай кемага ҳужум қилишини эълон қилиб, ўз ҳаракатларини «Америка-Исроилнинг Ғазо секторидаги тажовузига қарши» жавоб деб атаган, бироқ нафақат ҳарбий кемалар, балки кўплаб савдо кемалари ҳам ҳужумга учраган.
- Декабрь ойи ўрталарида тўртта йирик юк ташиш компанияси Қизил денгиздаги ҳусийларнинг ҳужумлари хавфи туфайли кемаларнинг Сувайш канали орқали ўтишини тўхтатиб қўйган ёки бошқа йўналишларга жўнатган.
- 19 декабрь куни АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин халқаро операция бошланганини эълон қилиб, «Яман ҳусийларининг ўйламасдан амалга оширилаётган ҳужумлари» ортидан Қизил денгизда кемалар хавфсизлигини таъминлашга чақирди. АҚШ Марказий қўмондонлигининг қайд этишича, бугунги ҳужум ҳусийларнинг Қизил денгиздаги савдо йўлларига 19 ноябрдан бери уюштирилган 26-ҳужумидир.
«Ансор Аллоҳ» шиа жангари гуруҳи бўлиб, Яманнинг ғарбий қисмини амалда назорат қилади ва мамлакатнинг халқаро миқёсда тан олинган ҳукуматига қарши курашади. БМТ ҳусий ҳукуматининг қонунийлигини тан олмайди. Ҳусийлар Исроилга қарши урушда ҲАМАСни қўллаб-қувватловчи Эрон ва «Ҳизбуллоҳ» билан яқин алоқага эга экани ҳақида маълумотлар мавжуд.