Россиялик блогер қўриқлаш ходимларининг кўзини шамғалат қилиб, Тошкент телеминорасининг энг юқори қисмига чиқди

O‘zbekiston

11 январь куни унчалик машҳур бўлмаган россиялик блогер Тошкент телеминорасининг энг юқори қисмига чиққани акс этган видеони эълон қилди. У қўриқлаш хизмати, кўплаб камералардан ўтиш қийин бўлмаганини таъкидлаган.

Блогер қўриқлаш хизмати ходимлари, тўсиқлар ва ўнлаб камераларни четлаб ўтиб, Тошкент телеминорасининг энг юқори қисмига кўтарилди.

Руфинг (томлар устида саёҳат қилиш) ва ерости объектларини ўрганиш билан шуғулланувчи блогер бу нуқта шахсий рекорди эканини қайд этди. Шунингдек, у минорага кўтарилиш видеосини эълон қилиб, воқеа тафсилотларини ёзиб қолдирди.
«Тошкент, 375 метр. Ҳозирча шахсий рекордим. Энг баланд бино ва энг қийин кўтарилиш. Бу Марказий Осиёдаги энг баланд бинолардан бири ҳисобланади. Минора Марказий Осиёдаги иккинчи энг баланд иншоот ҳисобланади, дунё телеминоралари ичида эса 12-ўринда туради, умумий бинолар ичида эса 38-ўринда туради», — деб ёзади блогер.

У, шунингдек, қўриқлаш хизматидан қандай қилиб ўтиб кетганини тушунтирган.
«Кириш жойида милиция ходимлари [Ички ишлар бошқармаси - таҳр.] барча ускуналаримни олиб қўйишди (шунақа деб ўйлашди). Биринчи 100 метрлик масофага лифтда чиқдим, кейинги юз метрга эса зиналар орқали ўз оёқларим билан чиқдим, қолганига эса ёнғин хавфсизлиги учун ўрнатилган нарвондан кўтарилдим. Лифтда кутиб оладиган ва кузатиб қўядиган ходимлар, рацияли қўриқчилар бор эди. Шу пайтда юқори кўтарилиш имконсиздек туйилди. Бироздан сўнг мен имкониятлар эшигини топдим ва шу йўлдан юриб кетдим. Кўп сонли камералар ёнида ўтиб борар эканман, ҳозир келиб мени олиб кетишади деб ўйладим», — дея қайд этган блогер.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари видеога изоҳ билдирар экан, блогер телеминорага бирор ускуна ўрнатиб кетиши мумкинлигидан хавотир билдирди. Кўпчилик «сайёҳларга ҳамма нарса мумкинми?» деб савол бермоқда. Шунга қарамай, ваколатли органларнинг ҳеч бири ҳолат юзасидан расмий маълумот бермаган.

Mavzuga oid materiallar

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.