Африка бутун қитъада миллионлаб одамларга таъсир қиладиган терроризмнинг глобал марказига айланди. Бу ҳақда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш маълум қилди.
Бир неча йил ичида Африка дунёнинг терроризм марказига айланди. Бу дўзах миллионлаб африкаликларнинг бошига етмоқда, — деди у БМТнинг терроризмга қарши кураш бўйича глобал келишувига бағишланган йиғилишда.
Гутерришнинг таъкидлашича, террорчилик таҳдиди кўплаб Африка мамлакатларида, жумладан Сомали, Конго Демократик Республикаси ва Мозамбикда ҳамон сақланиб қолмоқда.
Хавф Бенин ва Того каби қирғоқбўйи мамлакатларига тез тарқалмоқда. Хавотирли тенденция аниқ. <…> Ва ҳар сафар тинч аҳоли энг юқори нархни тўлайди. Алалоқибат, бутун инсоният бунинг ҳақини тўлайди. Терроризм бутун цивилизацияга тўлиқ миқёсли ҳужумдир, — дейди Гутерриш.
Ташкилот раҳбарининг фикрича, жаҳон ҳамжамияти, биринчи навбатда, Африка қитъасининг ривожланиши ва у ерда инсон ҳуқуқларига риоя этилишига кўмаклашиш учун зудлик билан чора кўриши керак.
Изоляция, тенгсизлик, мактабда таълим олиш имкониятининг чеклангани, касбий имкониятларнинг йўқлиги, ҳукумат, муассасалар ва қонунларга бўлган ишончнинг сусайиши, инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши ва жазосизлик ҳисси терроризмнинг тарқалишига шароит яратмоқда. Биз бу аёвсиз доирани бузишимиз керак, — деди у.
Бош котиб Африканинг улкан салоҳиятга эга эканини, аммо терроризм мағлуб бўлгандагина буни амалга ошириш мумкинлигини таъкидлади.