Покистоннинг собиқ бош вазири Имрон Хон сайловлар олдидан яна 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Dunyo

Покистон суди сешанба куни собиқ бош вазир Имрон Хонни давлат сирларини ошкор қилганликда айблаб, 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

2022 йилнинг баҳорида Имрон Хон шифрланган мактубга ишора қилиб, АҚШни уни олиб ташлашга уринаётганликда айблаганди. Intercept Вашингтоннинг норозилигига собиқ бош вазирнинг Украинадаги можаро бўйича позицияси сабаб бўлганини ёзди.

Айблов хулосасига кўра, Хон Покистоннинг Вашингтондаги элчиси ҳукуматга юборган махфий телеграмма мазмунини ошкор қилган.

Ҳукм махсус суд томонидан чиқарилган. Покистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший ҳам 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилингани хабар қилинган.

2022 йилда бош вазирлик лавозимидан четлатилган Имрон Хон коррупцияда айбдор деб топилганидан кейин аллақачон уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Ҳукм 2023 йил августида чиқарилган. Собиқ бош вазирга қарши яна юзга яқин суд ишлари давом этмоқда. Унга қўйилган айбловлар орасида коррупция, терроризм ва ҳатто куфрни ҳам ўз ичига олади.

Хоннинг таъкидлашича, унга қарши кампания унинг лавозимга қайтишига йўл қўймаслик учун уюштирилган.

Биринчи марта судланганидан сўнг унга номзод бўлиш тақиқланган, бироқ Хоннинг адвокатлари бир қатор апелляция аризалари билан мурожаат қилишган ва ишни қайта кўриб чиқишни талаб қилишган.

Янги 10 йиллик қамоқ жазоси умумий сайловдан бир ҳафта олдин келади ва уни нафақат сиёсатга қайтиш имкониятидан, балки озодликка чиқишдан ҳам маҳрум қилади.

Собиқ бош вазирнинг «Теҳрик-э-Инсаф» партияси ишни уйдирма деб ҳисоблашда давом этмоқда ва ҳукмга эътироз билдирмоқчи, деб хабар бермоқда Reuters.

Хоннинг ўзи эса ўзига қўйилган барча айбловларни сиёсий асосли, деб атайди.
Биз бу ноқонуний қарорни қабул қилмаймиз, — деб ёзди Хоннинг адвокати Наим Панжута ижтимоий тармоқда.

Mavzuga oid materiallar