«Ёшлар ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш йили»га бағишланган давлат дастури лойиҳасида ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш назарда тутилган.
Хусусан, 2024 йилда ногиронлиги бўлган шахсларга ёрдам кўрсатишнинг янги тизими босқичма-босқич жорий этилади. Улар замонавий протез-ортопедия асбоблари, реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминланади.
Бундан ташқари, 2024 йил 1 декабрдан бошлаб Тошкент шаҳрида ёлғиз яшовчи, ёлғиз кекса фуқаролар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш бўйича эксперимент бошланади. Қўллаб-қувватлаш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маблағлари ҳисобидан тегишли йўналишда фаолият юритувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари орқали амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб ногиронлик тайинланаётганда санаторийда фуқароларни навбатга қўйиш ва ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган имтиёзлар ҳақида маълумот бериш таклиф этилмоқда.