Ҳужжатда педагогик этика қоидалари, педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва аттестациядан ўтказиш стандартлари ҳам белгилаб қўйилган.
Эндиликда педагогнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлади.
Қонунга кўра, жумладан, қуйидагилар тақиқланади:
- педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан ҳудудларни ободонлаштиришга ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш;
- педагогдан унинг касбий мажбуриятларига тааллуқли бўлмаган ҳисоботларни ва бошқа маълумотларни, шу жумладан битирувчиларнинг бандлиги таъминланганлиги ҳақидаги ҳисоботларни шакллантиришини ва тақдим этишини талаб қилиш;
- педагогнинг зиммасига товар ва хизматларни сотиб олиш мажбуриятини юклаш, шу жумладан иш ҳақидан унинг ёзма розилигисиз товар ва хизматлар учун маблағ ушлаб қолиш.
Янги қонунга кўра, қуйидаги шахсларнинг педагогик фаолият билан шуғулланишига йўл қўйилмайди:
- қонуний кучга кирган суд ҳукмига мувофиқ педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар;
- қонунчиликда белгиланган тартибда суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;
- педагогик фаолиятни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлари бўлган шахслар;
- психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган шахслар.
Қасддан содир этилган жиноят учун илгари судланган шахсларни педагогик фаолият билан боғлиқ лавозимларга қабул қилиш ман этилади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирди. «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонунни бузганликда айбдор деб топилган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.