Тошкент ИЭС атроф-муҳитга етказилган зарар учун 1 млрд сўм тўлайди

O‘zbekiston

23-31 январь кунлари Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Тошкент иссиқлик электр станцияси ишини текширди. Маълум бўлишича, мазут қўшимча ёқилғи сифатида ишлатилган. ИЭС 1 млрд 23 млн сўм миқдорида товон тўлайди.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент иссиқлик электр марказидан қора тутун чиқаётгани акс этган видео тарқалди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги вазият ўрганилаётганини маълум қилди.

23-31 январь кунлари вазирлик томонидан Тошкент вилояти Қибрай тумани Салар қишлоғида жойлашган «Тошкент иссиқлик электр станцияси» (ИЭС) фаолияти текширилди. Аниқланишича, текшириш давомида корхонада газ асосий ёқилғи ҳисобланган, бироқ қўшимча ёқилғи сифатида мазут ишлатилган. Шу сабабли тутун Тошкент шаҳрида ҳавони ифлослантирмоқда.

Текширув натижаларига кўра, ИЭС 1 миллиард 23 миллион сўм (атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун 759 миллион, тупроқни нефть маҳсулотлари билан ифлослантирганлик учун 264 миллион) миқдорида товон пули тўлайди.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ИЭСга 16 банддан иборат кўрсатмалар берилди. Айни пайтда ҳуқуқбузарликка йўл қўйган ИЭС мутасаддиларига нисбатан тегишли чоралар кўриш учун тўпланган ҳужжатлар судга юборилмоқда, — дейилади вазирлик расмий хабарида.

Маълумот учун, вазирлик 2018 йилда Тошкент ИЭСда 118,9 минг тонна мазут истеъмол қилингани, 2023 йилда эса бу кўрсаткич 270 минг тоннадан (ўсиш 2,3 баробар) ошганини маълум қилди.

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.