Россия МСК Надеждинни рўйхатга олишдан бош тортди: асли тошкентлик урушга қарши бўлган ягона номзод

Дунё

Россия Марказий сайлов комиссияси Борис Надеждинни Россия Федерацияси президентлигига номзод сифатида рўйхатга олишдан бош тортди. «Фуқаролик ташаббуси» партияси томонидан тошкентлик номзод кўрсатилганди.

Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Николай Булаевнинг маълум қилишича, 104,7 минг имзо варақасидан 95,8 мингтаси ишончли деб топилган. Шу билан бирга, 11 та имзо марҳумларга тегишли.
«Мен Марказий сайлов комиссияси вакилларининг тавсияларига қўшилмайман. Мен бутун Россия бўйлаб 200 мингдан ортиқ имзо тўпладим. Биз овоз йиғишни очиқ ва ҳалол ўтказдик – бутун дунё бизнинг штаб-квартирамиз ва йиғиш пунктларидаги навбатларни кузатди», — деб ёзди Надеждин ўзининг Telegram-каналида.

Сиёсатчининг қўшимча қилишича, у сайлов комиссиясининг рад жавоби устидан Россия Олий судига шикоят қилмоқчи. Шунингдек, у Марказий сайлов комиссияси уни рад этмаганини, балки ўзгаришларга умид қилаётган ўн миллионлаб одамларни рад этганини таъкидлади.
«Мен Путиндан кейин иккинчи ўриндаман, сўровларда икки хонали рақамларни тўплаяпман ва сиз менга 11 марҳум ҳақида гапиряпсиз», — деди Надеждин.

Борис Надеждин 1963 йил 26 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган. 1969 йилда Долгопрудный шаҳрига (Москва вилояти) кўчиб ўтган. 90 йиллар охирида у 2015 йилда ўлдирилган сиёсатчи Борис Немцовнинг маслаҳатчиси, кейинроқ эса Россия президенти маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко билан бирга ишлаган.

ББC хабарига кўра, Надеждин Россия Федерацияси раҳбари лавозимига Украинага қарши ҳарбий ҳаракатлар давом этишига қарши чиққан ягона номзод бўлди.

Мавзуга оид материаллар