Россия Мудофаа вазирлиги 15 мингга яқин Непал фуқаросини Украинага қарши урушда қатнашиш учун ёллади, дея хабар бермоқда CNN «кўплаб манбаларга» таяниб.
Америка телеканали мамлакатнинг собиқ ташқи ишлар вазири Бимала Раи Паудялнинг баёнотига асосланиб, у ҳозирда Россия томонида фронтда 14-15 минг непаллик жанг олиб бораётганини даъво қилмоқда.
CNN маълумотларига кўра, Россия армиясига қўшилиш истагида бўлган Непал фуқаролари мамлакатга туристик визада киради ва Россия ҳукумати уларга ойига икки минг доллар маош ва Россия фуқаролигини тезлаштирилган расмийлаштиришни таклиф қилади.
Непал ҳукумати расмий равишда мамлакатнинг 200 га яқин фуқароси Россия томонида жанг қилаётганини, улардан камида 13 нафари фронтда ҳалок бўлганини маълум қилган. Шу билан бирга, 100 га яқин одам бедарак йўқолганлар рўйхатида, яна тўрт нафари эса Украинада асирликда экани ҳақида маълумотлар бор.
«Медиазона» CNN рақамларини ФСБ чегара хизмати маълумотларидан фойдаланган ҳолда текширди. Улар Непалдан Россияга кирувчи сайёҳлар сони кескин ошганини тасдиқлайди, аммо CNN манбалари айтганидек кўп эмас.
ФСБ маълумотларига кўра, 2022 йилда Россияга бор-йўғи 72 непаллик сайёҳ кирган бўлса, 2023 йилда уларнинг сони 1039 га етган. Асосий қисми 2023 йилнинг тўртинчи чорагида келган — уч ой ичида 700 дан ортиқ сайёҳ.
2023 йил декабрь ойида Непал Россиядан ўз фуқароларини урушга жалб қилишни тўхтатишни сўради. Кейин мамлакат ташқи ишлар вазирлиги Украинадаги урушда олти непаллик ҳалок бўлганини даъво қилди. Кейинчалик Непал ҳукумати мамлакат фуқароларига Россия ва Украинада ишлаш учун рухсатнома беришни вақтинча тўхтатгани маълум бўлди.
Россия Непал фуқароларини урушга жалб қилмоқда: қарийб 15 минг киши аллақачон чақирилган
CNNʼнинг маълум қилишича, Россия Украинада жанг қилиш учун 15 минг Непал фуқаросини ёллаган. ФСБ маълумотлари буни тасдиқламайди.