Ўзбекистон ДХХ порахўрларни ушлашда давом этмоқда

O‘zbekiston

Ўзбекистоннинг тўрт вилоятида мансабдор шахслар мансаб ҳужжатларини қалбакилаштириш ва порахўрликда қўлга олинди. Судья, бош ҳисобчи, инспектор ва муҳандис ўринбосарига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Қашқадарё филиали бош муҳандиси ўринбосари пахта-тўқимачилик кластерига тегишли бўлган 21 та сув насос қудуқларини электр тармоқларига улаш учун «техник шарт» бериш эвазига $7 минг талаб қилган.

Бош муҳандис ўринбосари қолган $4 минг олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Мазкур мансабдор шахс муқаддам Жиноят Кодексининг 205 ва 209-моддалари билан судланган

Жиззах вилояти «Тоза ҳудуд» ДУК бош ҳисобчиси улгуржи савдо билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамият раҳбарига нисбатан судда кўрилаётган жиноят ишини танишлари орқали унинг фойдасига ҳал қилиб бериш, яъни озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлатиб бериш эвазига $15 минг талаб қилган.

У $5 минг олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланди. Мазкур шахс муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланганлигига қарамасдан, қайта жиноятга қўл урган.

Ўзбекистон Ҳакамлик судлари Ассоциациясининг Навоий вилоят ваколатхонаси ҳузуридаги доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди судьяси ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, Нурота туманида яшовчи фуқаронинг муқаддам бухоролик харидорларга сотган 250 бош қўйларининг пуллари берилмаётгани юзасидан қилган мурожаатини ижобий ҳал этиб бериш эвазига $1 минг талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағи ҳисобидан $500 ва 6 млн 250 минг сўм олган вақтида ушланди.

Миллий Гвардиянинг Сирдарё вилоят Қўриқлаш бошқармаси хизматни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўлими бош инспектори Боёвут туманида яшовчи фуқарони Қўриқлаш бошқармасига ишга киритиб қўйиш эвазига 3 минг АҚШ доллари талаб қилиб, муқаддам $1500 олган.

Лекин у сўралган пулнинг қолган $1500 олган вақтида Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ва Гулистон ҳарбий прокуратураси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Mavzuga oid materiallar

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.