Маълум қилинишича, томонлар 2024 йилда ҳинд киносининг машҳур продюсер ва сценарий муаллифларининг Ўзбекистонга ижодий гастролларини ташкил этиш, янги фильмлар учун сценарийлар тайёрлаш ва суратга олиш жойларини ўрганишга келишиб олган.
Икки халқнинг яқин урф-одатлари, қадриятлари ва анъаналаридан келиб чиқиб, биргаликда бадиий фильмлар суратга олиш, телевизион кўрсатувлар тайёрлаш, қўшма мусиқий клиплар суратга олиш ўзаро англашув ва маданиятлараро алмашинувга хизмат қилиши урғуланди.
«Бундай янги лойиҳалар, жумладан, икки томонлама сайёҳлик оқимини янада фаоллаштиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга», — дейилади хабарда.
Томонлар Медиа ва санъат университети, «Marwah Studious» студияси ва Ўзбекистоннинг турдош ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантиришнинг истиқболларига алоҳида эътибор қаратди.
Ёшларни биргаликдаги ўқув дастурлари доирасида қамраб олиш, таниқли ўзбек ва ҳинд санъат ва кино усталари иштирокида қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ўзаро манфаатли экани таъкидланди.