Ҳайдовчилардан машинага газни олдиндан қуйиш сўралди

O‘zbekiston

«Ҳудудгазтаъминот» навбатлар ва ноқулайликларнинг олдини олиш учун ҳайдовчиларни автомобилларига олдиндан ёнилғи қуйишга чақирди.

Ўзгидромет хабарига кўра, 16–18 февраль кунлари мамлакат бўйлаб ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши ва жойларда ҳарорат кундузи 3–8 даража, кечаси 11–16 даражагача совуқ бўлиши кутилмоқда.

«Ҳудудгазтаъминот» ҳаво ҳарорати пасайган даврда истеъмолчиларга табиий газдан фойдаланишда эҳтиёт чораларини кўриш, иситиш мосламалари ва овқат тайёрлаш жараёнида газ плиталарини қаровсиз қолдирмаслик, вентиляция тизимига алоҳида эътибор бериш зарурлиги, шунингдек, ис газидан заҳарланиш хавфини олдини олиш учун ностандарт иситиш ускуналари ва қўлбола ёндиргичлардан фойдаланмаслик эслатиб ўтди.

Шу билан бирга, фуқаролардан табиий газдан оқилона фойдаланишни, уйдан чиқиб кетаётганда имкон қадар иситиш жиҳозларини ўчиришни, газ жиҳозлари ишлаб турган хоналарда дам олишга йўл қўймасликни ва чироқни ёқишдан олдин газ ҳиди йўқлигига ишонч ҳосил қилиб, у аниқланган ҳолда газ хизматига мурожаат қилиш сўралди.

Истеъмолчиларни табиий газ билан узлуксиз таъминлаш учун тўловни ўз вақтида амалга ошириш зарурлиги эслатиб ўтилди.

Навбатлар ва ноқулайликлар юзага келишини олдини олиш мақсадида ҳайдовчилардан ўз автомобилларини ёнилғи билан таъминлаб олиш сўралди.

Қайд этилишича, яқин орада маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда уларнинг иш графигига ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

«Ҳудудгазтаъминот» истеъмолчиларга табиий газни бир маромда етказиб бериш мақсадида республика бўйича 262 та авария бригадаларини шай ҳолатга келтирган.

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.