Қирғизистон президенти $20 млн мулкини қонунийлаштирди

Dunyo

Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўз мулкини ихтиёрий равишда қонунийлаштириш тўғрисидаги қонунга мувофиқ $20 млн мулкни қонунийлаштирганини айтиб, авваллари унинг бинолари Асман бизнес маркази каби бошқа шахслар номига расмийлаштирилганини таъкидлади.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўзининг $20 млн мулкини қонунийлаштирди.Бу ҳақда давлат раҳбари Facebookʼдаги саҳифасида маълум қилди.
«Менинг мулкимнинг қиймати тахминан 20 млн долларни ташкил қилади. Уни қонунийлаштириш учун давлатга миллион сом тўладим. Бу қонун томонидан талаб қилинади. Чет элда омонатим йўқ. Агар бўлса, мен уларни банкларимизга қўйган бўлардим», — деб ёзади Жапаров.

Унинг эслатишича, даромадларни қонунийлаштириш тўғрисидаги қонун 2023 йилда қабул қилинган, шунинг учун бой қирғизистонликлар ўз капиталларини хорижда сақламай, ватанига олиб кела бошлашган.
«Ҳеч кимга сир эмаски, барчамиз (оддий фуқаролар эмас, ўрта бизнес даражасидан юқори бўлган тадбиркорлар) ўз мулкимизни бировнинг номига расмийлаштирганмиз. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг энг бадавлат фуқаролари ҳамон миллиардларини хорижий банкларда сақламоқда. Бизда шундай бойлар кўп. Нега улар ўз бойликларини хорижда яширмоқда, деган саволга жавоб оддий. Шу пайтгача катта маблағнинг манбаси ва бу маблағлардан тўланган солиқ миқдори кўплаб саволларни туғдирди. Энди бу қонун билан биз бундай муаммо юзага келмаслиги учун қонунийлаштириш имкониятини яратмоқдамиз», — деб тушунтирди Жапаров.

Қирғизистон раҳбари сиёсатга бизнесдан келганини эслади ва Бишкекдаги Асман бизнес маркази биносига эгалик қилишини тан олди. У 2010 йилда қуриб битказилган ва мамлакатдаги апрель инқилобидан кейин Жапаров фракциясини бошқарган «Ата-Журт» партиясининг штаб-квартираси сифатида фойдаланилган. 2020 йилда Президент сайлови вақтида Жапаровнинг штаб-квартираси бинода ташкил этилган эди.

Унинг қўшимча қилишича, бу имкониятдан фақат 1 июлгача фойдаланиш мумкин, давлат қонунийлаштирилган капиталнинг 100 фоиз хавфсизлигини кафолатлайди.
«Менинг биноларим аввалроқ бошқа одамларга рўйхатга олинган. Ҳозир қонунийлаштириш тўғрисидаги қонун асосида уларни рўйхатдан ўтказдим. Мен ўрнак бўлмоқчи бўлдим ва биринчи бўлиб мулкимни қонунийлаштирдим», — деб ёзади президент.

«Жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ихтиёрий равишда легаллаштириш ва амнистия қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Президент маъмурияти томонидан 2022 йил март ойида ишлаб чиқилган. Адилет юридик клиникаси ҳуқуқшунослари лойиҳани таҳлил қилиб, «Аслида айтилаётган таклифлар шахсга қарши содир этилган барча жиноятлардан, ҳар қандай ҳуқуқбузарлик, бандитизм, одам савдоси ва меҳнатдан ноқонуний эксплуатация қилишдан фойда олишга ундайди», — деб хулоса қилинади хабарда.

Ҳуқуқшунослар мазкур қонун лойиҳаси Қирғизистон Конституцияси, республика иштирок этган халқаро шартномалар ва ҳужжатлар, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш ва унга барҳам бериш бўйича давлат стратегиясига зид эканини таъкидлайди.

Жапаров бунга жавобан қонуннинг мақсади бой одамларга хориждаги мол-мулк, пулларни қонунийлаштириш ва Қирғизистон банкларида сақлаш имконини бериш эканини айтди.
«Банклар фойда кўради. Ҳудудимизда завод ва фабрикалар қурсак, иш ўринлари пайдо бўлади. Солиқлар бизга тўланади. Бу қонуннинг бутун мақсади. Бу бойлар орасида менинг дўстларим ҳам, қариндошларим ҳам йўқ, токи уларни қўллаб-қувватлайман», — деб ишонтирди Қирғизистон президенти.

Mavzuga oid materiallar

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.