Олий Мажлис Сенатининг 20 февраль куни бўлиб ўтган навбатдаги ялпи мажлисида гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва таъсир этувчи моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Ички ишлар вазирига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Сенатор сўровида сўнгги йилларда мамлакатда интернет тармоғи орқали гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ва кучли таъсир этувчи моддаларнинг ноқонуний айланиши кескин ошгани, уларни тарқатиш ва реклама қилишнинг янги усуллари қўлланилаётгани қайд этилган.
«Ушбу усуллардан бири наркограффити усули бўлиб, унда ноқонуний яратилган интернет-дўкон манзили ҳақидаги маълумотлар бинолар деворлари ва йўлакларга график тасвирларни қўллаш орқали тарқатилади», — дейилади хабарда.
Шунингдек, Сенатда ёшларнинг гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланиши тобора кучайиб бораётгани, вояга етмаганлар ўртасида ҳам гиёҳвандлар сони ортиб бораётгани қайд этилган.
Шундан келиб чиқиб, Сенат томонидан ички ишлар вазиридан мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг аҳволи юзасидан департамент томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида асосли жавоб олиш сўралган.
