Олий таълим ва акушерлик хизмати тизимида коррупция ҳолатлари аниқланди

O‘zbekiston

Ўзбекистонда олий ўқув юртларида талабаларни баҳолаш, шунингдек, акушерлик хизмати кўрсатишда коррупция хавфи бўйича тадқиқот ўтказилди. Тадқиқот «нопрофессионал ва коррупцион хатти-ҳаракатлар»нинг бир қатор фактларини аниқлади.

Тошкентда 9 февраль куни «Олий таълим талабалари билимларини баҳолашда ҳалолликка хавфлар» ҳамда «Акушерлик хизматларини кўрсатишда ноҳалоллик ва коррупция хавфлари» мавзуларида ўтказилган тадқиқот натижаларининг жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, «Олий таълим талабалари билимларини баҳолашда ҳалолликка хавфлар» мавзусидаги тадқиқотнинг дастлабки натижалари соҳадаги мавжуд ахборот тизимлари мукаммал ишлаб чиқилмаганини, коррупцияга қарши курашиш чоралари ҳақида хабардорлик тўлақонли эмаслигини, тизимдаги айрим тартиблар ўз самарасини йўқотганлигини ва соҳада коррупция хавфи омиллари борлигини кўрсатди.
«Сўровномада иштирок этган респондентларнинг 74,4 %и талабаларнинг билимини баҳолашда ўқитувчиларга таъсир ўтказиш ҳолати бор, деб ҳисоблайди. Талаба-респондентларнинг 27,8 %и баҳони ўзгартиришга совға бериш (38,9%), университетга нарса-буюм олиб бериш (16,7%), пул бериш (5,6%) орқали таъсир қилиш мумкинлигини айтган», — дейилади хабарда.

«Акушерлик хизматларини кўрсатишда ноҳалоллик ва коррупция хавфлари» мавзуидаги тадқиқотда эса натижалар шуни кўрсатдики, коррупциявий хавф омиллари, биринчи навбатда, давлат туғруқхоналари учун буджет маблағлари ва жиҳозларнинг етишмаслиги, буджет маблағларининг марказий ва маҳаллий туғруқхоналар ўртасида тенг тақсимланмаслиги билан боғлиқ.

Шунингдек, тиббиёт ходимларига кам иш ҳақи тўланиши ва ортиқча иш юкламаси ҳам асосий омиллардан биридир. Фокус-гуруҳ муҳокамаларида кўпчилик тиббиёт ходимлари ортиқча иш юкламаси борлигини, иш соати белгиланган вақтдан ошиб кетгани учун ҳақ тўланмаслигини таъкидлади.

Тадбирда тадқиқотлар доирасида аниқланган шу каби хавф-хатарлар муҳокама қилиниб, уларни камайтириш, бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Mavzuga oid materiallar

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.