Тақдимотда Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports акциядорлик жамиятларида трансформация жараёнларини тезлаштириш, хизмат турлари ва даромадни кўпайтириш бўйича жорий йилги режалар баён қилинди.
Хусусан, миллий авиакомпанияга халқаро кредит рейтингини олиб, уни IPOга чиқариш жараёни бошланади. Бухоро, Наманган, Урганч ва Андижон аэропортлари хусусий бошқарувга берилиб, модернизация қилинади. Жорий йилда рейслар сони 20 фоизга оширилади.
Маълумотларга кўра, ўтган йили авиация хизматлари ҳажми бор-йўғи 11,6 фоиз ўсган. Мамлакат стратегиясида 2030 йилга қадар авиақатновлар сонини 4 карра ошириш режалаштирилган. Унга эришиш учун соҳада йиллик ўсиш суръатлари 20 фоиздан кам бўлмаслиги керак.
«Бу инфратузилма, бошқарув, нарх ва сифат борасида тизимли ишларни талаб этади. Юртимизда авиа чипталар нархи нисбатан қиммат. Ҳам ҳудудий, ҳам хорижий рейслар сони талабга қараганда кам», — дейилади хабарда.
Авиакомпаниялар сони 15 тага, жумладан, хусусийлари 10 тага етди. Ўтган йилнинг ўзида 28 та янги самолёт олиб келинди. Буларнинг натижасида охирги етти йилда рейслар 2 баробар кўпайган.
Самарқанд аэропорти хусусий шерикликка берилгани ҳисобига йўловчи оқими 4 карра ошиб, 1 миллионга етган.