Бу йил «ёшлар баланси» бўйича 925 минг йигит-қизнинг бандлигини таъминлаш зарур. Шунингдек, коллеж, техникум ва олий ўқув юртларини 300 минг ёш битиради, деб хабар берди президент матбуот хизмати.
Ёшларнинг бизнес билан шуғулланишига қўшимча имкониятлар яратилиши айтилди. Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизи шунга йўналтирилади. «Ёш тадбиркор» танловлари ўтказилиб, ғолиб бўлган бизнес лойиҳа ва ғоялар эгалари хорижий давлатларга малака оширишга юборилади.
Мутасаддилар янги саноат лойиҳаларида 100 минг, хизматлар соҳасида 150 минг, иш ўринларини легаллашитириш ва ўзини ўзи банд қилиш орқали 200 минг нафар йигит-қиз бандлигини таъминлаш тўғрисида ахборот берди.
Ёшлар ишлари агентлигининг «Ибрат фарзандлари» лойиҳаси орқали 1 миллион нафар ўғил-қиз хорижий тилларга бепул ўқитилади. Мактаблардаги бўш синф хоналари чет тили репетиторлари ва ўқув марказлари учун бепул ижарага берилади. Қишлоқ жойлардаги ўқувчиларнинг ўзлаштириши юқори бўлган 100 та хусусий ўқув марказининг ижара харажатлари 6 ойгача компенсация қилинади.
Шунингдек, хусусий курсларда ўқиб, «C-1» сертификатини олган ёшларга ўқиш харажатлари, немис, француз, корейс, япон ва хитой тиллари бўйича эса «B-2» даражаси сертификатини олиш харажатлари қоплаб берилади.
Яна бир янгилик — бу йил нафақат сертификат олишдаги имтиҳон харажати, балки олти ойлик ўқиш пули ҳам тўлаб берилади.
«Устоз» лойиҳаси доирасида 250 минг нафар ёшлар маркетинг, реклама, электрон савдо, IT-дизайнер каби 30 та замонавий касбга ўргатилади.
Ер олган ёшлар Агробанкнинг «Фермерлар мактаби»да ҳосилдор экспортбоп экинлар етиштиришга ўқитилади.
Бундан ташқари, мева-сабзавот кооперацияларига банклар орқали 2 миллиард сўмгача кредит ҳам берилади.
Мактаблардаги қаровсиз хоналар чет тили репетиторлари ва ўқув марказларига бепул берилади
Халқаро тил сертификати олингандан кейин ҳужжатни олиш ва олти ойлик ўқиш харажатлари қопланади. Бундан ташқари, ўқув марказлари ва чет тили репетиторларига мактабларда ижара учун бепул жой ажратилади.