«Капитан Марвел» фильми актёри вафот этди

Layfstayl

«Юлдузлараро йўл: Кашфиёт» телесериалида ва «Капитан Марвел» фильмида роль ижро этган актёр Кеннет Митчелл 49 ёшида вафот этди.

24 февраль куни канадалик актёр Кеннет Митчелл узоқ давом этган касалликдан сўнг вафот этди.

25 февраль куни унинг оиласи Facebookʼда актёр марказий асаб тизимининг сурункали дегенератив касаллиги бўлган латерал амиотрофик склероз билан беш йиллик курашдан сўнг вафот этганини маълум қилди.
«Биз севикли ота, эр, ака, амаки, ўғил ва қадрдон дўст Кеннет Александр Митчеллнинг вафот этганини юрак оғриғи билан эълон қиламиз», — дейилади баёнотда.

2018 йилда Митчеллга амиотрофик латерал склероз ташхиси қўйилган. Август ойида у ташхисининг беш йиллигини Instagram пости орқали нишонлаганди.
«Акам ҳазил билан дўконда АЛС юбилей картаси йўқлигини таъкидлади. Бироқ мен бугун ҳаёт совғасини нишонламоқчиман. Бу кун олдинда эканидан жуда миннатдорман. Орадан узоқ 5 йил ўтди. Жуда кўп нарса йўқотилди, кўп нарса қўлга киритилди. Ажабланарли даражада оғир вақтлар кўп неъматлар билан жой алмашди», — деб ёзган эди ўша пайтда актёр.

Кеннет Митчелл актёрлик фаолияти давомида 50 дан ортиқ фильм ва телевизион лойиҳаларда суратга тушган. У 2019 йилда «Капитан Марвел» фильмида Керол Данверснинг отаси ва 2004 йилда хоккей бўйича «Мўъжиза» фильмида умидвор спортчи ролини ижро этган.

Шунингдек, актёр ўнлаб телесериалларда, жумладан, «Иерихон», «Астронавтлар хотинлари клуби» ва «Улар туғуруқхонада адашиб кетган» фильмларида роль ўйнаган. 2017 йилдан 2021 йилгача Митчелл «Юлдузлараро йўл: Кашфиёт» сериалида Кола, Кол-Ша, Тенавика ва Ауреллио ролини ижро этган.

Mavzuga oid materiallar