Хусусан, Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлган ва 18 ёшга тўлганлар экология назоратчиси бўлиши мумкин. Экология назоратчиси қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
- соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва чек қўйишда иштирок этиш;
- экологик ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш, браконьерликка қарши курашиш;
- табиатни муҳофаза қилиш фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурлар амалга оширилишида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар иштирокини таъминлашга кўмаклашиш.
Экология назоратчиси чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлаш ёки ёқиб юбориш; автотранспорт воситаларини очиқ сув ҳавзалари яқинида ювиш ҳамда оқова сувларни ушбу ҳавзага оқизиш; қум-шағал материалларини ноқонуний қазиб олиш; жисмоний ва юридик шахслар фаолиятидан ҳосил бўлган оқова сувларни белгиланмаган жойларга оқизиш; ноқонуний ов қилиш; дарахтларни ноқонуний кесиш, ўсимликларни йўқ қилишга олиб келувчи бошқа ҳолатларни аниқлаганда далолатнома расмийлаштиришга ҳақли.
Экология вазирлиги мазкур лавозим экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида жамоатчилик назоратини амалга оширишни таъминлаш, шунингдек, бу борада фуқаролар фаоллигини ошириш мақсадида ташкил этилаётганини таъкидлади.