Президент билан учрашувда қурилиш муаммолари тилга олинди, пойтахтда ободонлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш ва «умр даври шартномаси» асосида ҳамкорлик қилиш тартиби тасдиқланди.
Шавкат Умурзоқов пойтахтнинг ўзида 500 гектардан ортиқ майдонда реконструкцияга муҳтож бинолар борлигини айтди. Улар орасида совет даврида қурилган икки қаватли уйлар ҳам бор.
«Кўп йиллардан буён ўз ечимини кутаётган икки қаватли вақтинчалик бинолар кўп. Масалан, Сергелида вақтинчалик уйлар қурилган. Уларнинг барчаси ҳозирги талабларга жавоб бермайди. Хавфсизлик нуқтаи назаридан катта хавф бор», — дейди у.
Пойтахт ҳокими, шунингдек, шу пайтгача реконструкция қилинадиган ерлар бўйича аниқ механизм йўқлигини, бироқ йиғилишдан сўнг бу масала ҳал этилганини таъкидлади.
«Давлатда бу муаммони ҳал қилиш механизми мавжуд ва бу хусусий сектор учун катта имкониятлар очади. Ишбилармонлик учун барча шарт-шароит яратилган, келгусида хусусий сектор уларни муаммосиз кўчириб, кўркам қурилиш лойиҳаларини барпо этиши мумкин», — деди Шавкат Умурзоқов.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил декабрь ойида парламентга йўллаган мурожаатида биринчи марта жаҳон мегаполислари тажрибасидан келиб чиққан ҳолда уй-жойларни таъмирлаш дастурини қабул қилиш зарурлигини маълум қилган эди.
Лойиҳада 2021 йилдан бошлаб Ўзбекистонда кўп қаватли уй-жой фондини янгилаш бўйича ишлар бошланиши, дастур доирасида кўп қаватли уйларни инвентаризация қилиш, уларни таъмирлаш ёки бузиш режалаштирилганлиги қайд этилган.