Ушбу касалликда шахс ривожланиши босқичи орқада қолади. Уларда мақсадлар йўқлиги, агрессивлик, ортиқча жазавага тушиш кузатилади. Фақат телефонлардаги виртуал ҳаёт таъсирида бўлади. Агар вақтида зарур чоралар кўрилмаса, келгусида бу болалар жамиятда бефарқ, лоқайд кишиларга айланиши мумкин.
«Шу боис, ҳар нарсанинг меъёри бўлгани каби гаджетлардан фойдаланишда ҳам маълум талаблар бўлиши керак. Зеро, виртуал оламга қаттиқ боғланиб қолиш инсоннинг физиологик ва руҳий саломатлигида жиддий муаммолар юзага келтириб чиқариши мумкин», — деб ҳисоблайди депутат.
Тадқиқотларга кўра, рақамли қурилмалардан кўп фойдаланадиган ўқувчиларда руҳий ва хатти-ҳаракатларининг бузилиши, асаб тизими касалликларнинг юқори даражада тарқалиши, қон айланиш тизими, нафас олиш тизими касалликлари, овқат ҳазм қилиш тизимидаги муаммолар, тиш оғриғи ва кариесдан шикоятнинг кўплиги, умуман, турли касалликларнинг юқори даражада тарқалиши кузатилган.
Депутат болаларнинг телефонга қарамлиги бугунги кунда жуда долзарб муаммо эканини таъкидлади.
«Лекин айрим ота-оналар смартфонларнинг ёшлар саломатлигига жиддий хавф туғдираётганини била туриб, бу масалага панжа ортидан қараётгани таассуфлидир», — дейди Музафара Абдиева.