Журналистнинг сўзларига кўра, милиция ходими ўқитувчи бўлиб ишлайдиган 68 ёшли нафақадаги опасини икки марта безовта қилиб, Чилонзор ИИБга келишни сўраган.
Ибрат Сафонинг қайд этишича, милиция ходими ўзининг тўлиқ исми-шарифи ва унвонини айтишдан бош тортган. Ходим Ўзбекистон ҳақидаги «салбий» фикрлари учун «Ўзбекистон ҳукуматини обрўсизлантириш» тўғрисидаги қонунга, шунингдек, Президент ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги таркибий бўлинмаси — Оммавий коммуникациялар марказининг буйруғига ишора қилган.
Унинг сўзларига кўра, гап 1 февраль куни Facebookʼда Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳақидаги пост ҳақида кетмоқда.
«Шунчаки кимдир ўз ҳокимлиги даврида бир паркни қуритиб ўрнига ўзи соққа қилиш учун диснейленд қурса, демократик давлатларда бу йирик скандал бўлишини, лекин Ўзбекистон бошқа мезонлар бўйича яшашини ёзганман. Бўлди. Шундан норози бўлишибди», — дейилади Facebook постда.
Ибрат Сафо ўз постида исмларни келтирмаганини, лекин собиқ ҳокимнинг ўзи Magic cityʼга эгалик қилишини айтганидан кейин юзага келган вазият ҳақида гапирганини таъкидлади.
«Жасурнинг неча ёшлиги ё журналистика борасидаги билимини билмайман, лекин у мени ъпатриотʼ бўлмасликда айблади ва бундай постларни ёзишни тўхтатишимни буюрди. У ўзининг ъпатриотʼ эканини ҳам айтди. Айнан қандай мавзуларда ёзишим мумкинлиги ҳақида маслаҳат сўраганимда, жавоб бермади. Қачон Ўзбекистонга келишимни билишга уринганида, ундан авиачипта сўраганим ҳам негадир унга ёқмади. Энди шикоятни Ташқи ишлар вазирлигига жўнатар экан», — деб ёзган журналист милиция ходими билан суҳбат BBC студиясида ёзиб олинганини таъкидлаб ўтар экан.
Эслатиб ўтамиз, 1 февраль куни Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими, «Akfa» компаниялар гуруҳи асосчиси Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўзининг еттита компанияси, жумладан Magic city боғи сотилишини эълон қилган эди. 2021 йил июнь ойида Миллий боғ ҳудудида очилган ушбу боғ Akfa тузилмаси таркибига кирувчи Stargate Systems компаниясига сотилган. Stargate Systems 20,79 гектар парк майдонини 49 йилга ижарага олди.
«Газета.uz» нашри хабарига кўра, Stargate Systems асосчилари Ташкент Ақуариум (86,2%) ва президентнинг собиқ маслаҳатчиси Абдужабар Абдувахитовнинг (Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қудаси) ўғли Алишер Абдужабарович Абдувахитов (13,8%) ҳисобланади.