Мирзиёев Амударёдаги кўприкнинг очилиш маросимида иштирок этди

O‘zbekiston

Президент 29 февраль куни Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё тумани ташриф буюриб, янги кўприкнинг очилиш маросимида иштирок этди.

Шавкат Мирзиёев дастлаб кўприкдан поезд ва автомобилда ўтиб, унинг сифатига баҳо берди.

Қайд этилишича, кўприк орқали Қорақалпоғистон билан Хоразмни боғлайдиган энг яқин автомобиль ва темир йўл қатнови йўлга қўйилади. Кўприкнинг узунлиги 423 метр. У билан бирга Шовот-Қораўзак бекатларини боғлайдиган 85 километрлик темир йўл ҳамда 3 та вокзал ҳам барпо этилди.

Бу иншоот самарасида йўлнинг ўтказиш қобилияти 4 баробарга ошиб, бир кеча-кундузда 12 минг автомобиль ҳаракатланади. Натижада 48 минг йўловчининг 2 соат вақти тежалади ва дарёдан хавфсиз ўтиши таъминланади.

Кўприк икки тарафга қараб 24 жуфт поездни ўтказиш имкониятига эга бўлиб, бу орқали темир йўл масофаси 180 километрга, юк ташиш тезлиги эса 6 соатгача қисқаради. Бу эса маҳаллий юкларни ташиш ҳажмини йилига 2 баробарга ошириш, ташиш таннархини 2 баробарга камайтириш имконини беради. Ушбу темир йўл орқали Қозоғистон ва Россияга ҳам янги йўналишлар очилади.

Шунингдек, Қораўзак конларидан тош энди поездларда ташилиши ҳисобига Оробўйи минтақасидаги 4 миллион аҳоли ва туристларга хизмат кўрсатувчи автомобиль йўллари сифатли сақланади. Бундан ҳам аҳоли, ҳам тадбиркор ва туристлар катта манфаат топади.

Давлат раҳбари оғир иқлим шароитида фидокорона меҳнат қилган моҳир қурувчиларга, лойиҳачи ва муҳандисларга, кўприкни барпо этишга муносиб ҳисса қўшган барча инсонларга миннатдорлик билдирди. Аҳолига қулайлик яратишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.

Хусусан, бу йил Бухоро – Урганч – Хива, келгуси йилдан Мискин – Нукус темир йўли электрлаштирилади. Натижада Хива ҳамда Нукус шаҳарларига тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилади. Ушбу ҳудудлардаги аҳолининг мамлакатимизнинг бошқа шаҳарларига бориб-келиши осонлашади. Бу лойиҳалар ҳисобидан транспорт харажатлари 2 баробар қисқариб, йўловчи ташиш 30 фоизга ошади.

Mavzuga oid materiallar

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.