Зардуштийлик, Лазги музейлари ва 24 соатлик ресторанлар: Урганчда туризм ривожлантирилади

O‘zbekiston

Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига сайёҳларни жалб қилиш учун Урганч шаҳрида миллий рақс музейи, шунингдек, «Авесто» музейини ташкил этишни таклиф қилди. Бундан ташқари, 24 соатлик ресторанлар очилиши ва транспорт модернизация қилиниши кутилмоқда.

Президент Хоразм вилоятига сайёҳларни жалб қилиш учун Урганч шаҳрида миллий рақс музейи ва зардуштийлар муқаддас китоби музейини ташкил этиш, шунингдек, 24 соатлик ресторанлар очиш, транспортни модернизация қилиш таклифини илгари сурди.

Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилишда вилоятда туризмни ривожлантириш масалаларига тўхталди.

Давлат раҳбари матбуот котибининг маълум қилишича, президент Урганчда қадимий Хоразм рақси «Лазги» музейини, шунингдек, «Авесто» қадимий зардуштийлик матнлари тўпламига бағишланган музей ташкил этишни таклиф қилган.

Президент Хоразм вилоятига бой миллий таомлар ёрдамида сайёҳларни жалб қилишни ҳам таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, сайёҳлар Хоразм ошхонасини яхши кўрадилар, лекин уни мамлакат ичида ҳам, хорижда ҳам тарғиб қилиш учун ҳеч қандай ҳаракат қилинмаяпти.

Давлатимиз раҳбари Хивада 24 соат хизмат кўрсатадиган ресторанлар, кафелар, озиқ-овқат дўконлари очиш муҳимлигини таъкидлади.

Президент вилоятда меҳмонхоналар етишмаслигини қайд этиб, меҳмонхоналар ва дам олиш масканларини қуриш, мавжудларини кенгайтириш учун 7 йил муддатга йиллик 18 фоиз ставкада кредитлар ажратилишини маълум қилди.

«Сифатли транспорт яна бир устувор вазифа бўлиб, усиз хизмат кўрсатиш ва туризмни ривожлантириш мумкин эмас», — деди президент.

У ички рейслар нархини пасайтириш учун 30 млрд сўмлик субсидиялар ажратишни маълум қилди. Урганчдан Термизга, Фарғона водийси шаҳарлари, Самарқанд ва Бухорога, шунингдек, Санкт-Петербург, Мадрид, Франкфурт, Пекин ва Урумчига мунтазам қатновлар йўлга қўйилади.

«Урганч ва Хива ўртасидаги троллейбуслар оралиғини икки баробарга қисқартириш режалаштирилган. Бундан ташқари, Урганчдан Хива ва Хонкигача электробуслар ҳаракатини йўлга қўйиш керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари, шунингдек, Урганч аэропортини бошқариш ва модернизация қилишда хусусий шерикларни жалб этиш муҳимлигини таъкидлади.

Учрашувда президент Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича уч йиллик дастур қабул қилинишини ҳам маълум қилди. Бундан ташқари, сайёҳлар учун «Ўзбекистон — менинг иккинчи уйим» янги виза тизими жорий этилади.

Mavzuga oid materiallar

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.