Мактабларда телефонлардан фойдаланишни тақиқлаш ташаббуси аллақачон Ангрен шаҳридаги иккита — 13 ва 17-сонли умумтаълим мактабларида амалга оширилган, деб хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Ушбу мактабларнинг кириш қисмида ҳарфлар билан белгиланган катакчали шкаф бор, бу ерда ўқувчиларнинг телефонлари сақланади. Дарслар давомида ҳар бир талабанинг телефони фамилиясининг биринчи ҳарфига тўғри келадиган катакчага жойлаштирилади. Дарслардан сўнг талабаларга гаджетлари қайтарилади.

Ҳокимлик матбуот хизматининг таъкидлашича, шу орқали ўқувчилар дарс пайтида чалғимайди ва уларнинг эътибори ўқитувчилар бериб борадиган билимларни эгаллашга қаратилади.

Мактаб маъмурияти ота-оналар қўмитаси билан биргаликда йиғилиш ўтказиб, таълим муассасасида телефонлардан умуман фойдаланмаслик таклифини илгари сурган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил февраль ойи охирида Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев «Телефонсиз мактаб» ташаббусини эълон қилиб, агар ўқувчилар ва ўқитувчилар телефондан фойдаланишдан бош тортса, ҳар бир мактаб директорига 300 миллион сўмдан ваъда қилган эди.