Фарғонадаги «Ёшлар кўли» спорт мактаби балансига қайтарилади

Ўзбекистон

Давлат активларини бошқариш агентлиги Фарғона шаҳри марказидаги 2 гектар майдондаги «Ёшлар кўли»нинг меҳмонхона, ресторан, кўп қаватли уйлар ва кўнгилочар марказлар қуриш корхонасига ўтказилишига изоҳ берди.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров шаҳар марказидаги сунъий кўл ҳудудини 24 кунлик ширкатга уй ва бошқа иншоотлар қуриш учун ажратиб бергани ҳақида аввалроқ ёзган эдик. Вилоят раҳбари президент қарорига нотўғри ҳавола қилиб, қарор қабул қилган.

Қонунга кўра, агентлик тегишли давлат органлари билан келишилган ҳолда идоравий мансублигидан қатъи назар, давлат кўчмас мулки объектларини (хусусийлаштирилмайдиган объектлар бундан мустасно) бир давлат муассасаси ёки унитар корхонасига ўтказиш тўғрисида қарорлар қабул қилади.

Давактив ҳокимлик томонидан қонун талаблари бузилганини таъкидлади. Шу муносабат билан 6 март куни агентлик томонидан кўлни Спорт вазирлиги қошидаги спорт мактаби балансига қайтариш бўйича кўрсатма юборилган. Бундан ташқари, ҳокимликка объектни «Унайс» қурилиш компаниясига ўтказиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш топширилган.

Агентлик мазкур муассасани болалар ва ўсмирлар спорт мактаби балансига қайтариш масаласини назоратга олишини маълум қилди.

Мавзуга оид материаллар