«Газета.uz»нинг аниқлик киритишича, Gazli Gas Storage 2018 йил октябрь ойида ташкил этилган. Ўша йилнинг май ойида Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида «Ўзбекнефтгаз» ва Россиянинг «Форус» компанияси (2017 йилда рўйхатдан ўтган) ўртасида келишувга эришилган эди.
60 фоизлик акцияларнинг назорат пакетига (40 фоизи «Ўзбекнефтгаз» ва «Ўзтрансгаз»га тегишли бўлган) эгалик қилган «Форус» улушини 2019 йил июль ойида Гонконгда рўйхатдан ўтган Daxon Holdings Limited компаниясига ўтказди.
Ўз навбатида «Газли» газ сақлаш корхонаси бу маълумотларни туҳмат деб атамоқда.
«2023 йил октябрь ойида корпоратив қайта қуриш якунланди, натижада аввал Форусга тегишли бўлган улуш Гонконгда рўйхатдан ўтган Daxon Holdings Limited компаниясига ўтказилди. Бахтиёр Фазилов реструктуризациядан олдин ҳам, кейин ҳам асосий бенефициар бўлиб қолмоқда. Gazli Gas Storage МЧЖ ҳеч қачон санкциялар остидаги шахсларга тегишли бўлмаган», — дейилади хабарда.
Компаниянинг таъкидлашича, Гонконгга кўчиб ўтиш тўғрисидаги қарор Хитой компаниялари билан бизнеснинг сезиларли ҳажми туфайли қабул қилинган.
«Гонконгда ҳуқуқий рўйхатдан ўтиш тўловларни амалга ошириш ва қўшимча молиялаштиришни жалб этиш ва бизнесни янада ривожлантириш учун ускуналар сотиб олишни осонлаштиради. Бундан ташқари, қайта ташкил этиш мулкчилик тузилмасини соддалаштиради ва уни халқаро инвесторлар ва контрагентлар учун шаффоф ва мақбул қилади», — дейилади баёнотда.
Gazli Gas Storage «Газли» омборининг оператори сифатида ҳозирда газ сақлаш ҳажмини 3 баробарга — 3 миллиарддан 10 миллиард куб метргача ошириш устида ишламоқда.
Шунингдек, компания ўз раҳбарларининг рўйхатини тақдим этди: Бош директор — Отабек Акбаралиевич Жабриев, бош директорнинг биринчи ўринбосари ва бош муҳандис — Маҳаматхўжа Хабибуллаевич Саидазимов ва бош директорнинг молиявий масалалар бўйича ўринбосари — Ирина Анатолевна Братухина.