2024 йил 1 апрелдан номоддий маданий мероснинг ноёб ёки йўқолиб кетиш хавфи остида турган намуналарини ташувчиси бўлган 20 нафар Ўзбекистон фуқароси танлаб олинади. Уларга ёрдам кўрсатилиб, фаолиятини баҳолаш кўрсаткичлари аниқланади. Ушбу кўрсаткичларга эришганлар ҳар ой 5 миллион сўм миқдорида рағбатлантирилади.
«Ҳар йили уларга номоддий маданий мерос намуналарини янада қайд этиш ва тарғиб қилиш учун 50 та аудиовизуал материал ишлаб чиқариш бўйича давлат буюртмаси берилади», — дейилади хабарда.
Ушбу мерос намуналарини ривожлантириш учун илмий-амалий ва ижодий мактаблар фаолияти ҳам йўлга қўйилади. Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институтида этнофолклор лабораторияси ташкил этилади.
Жорий йилдан бошлаб «Маданиятшунослик» ва «Номоддий маданий мерос», жумладан, мақом ва бахшичилик йўналишларида илмий изланишлар олиб бораётган олимларга хорижда фалсафа доктори (ПҳД) илмий даражасини олиш имконияти берилади.