Меҳнат миграцияси агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларни жамоат жойларига сабабсиз бормасликка чақирди

O‘zbekiston

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиядаги Ўзбекистон фуқароларини сабабсиз жамоат жойларига бормасликка чақирди. Фуқаролар Москва вилоятидаги терактдан кейин кучайтирилган хавфсизлик чоралари талабларини инобатга олишлари керак, дейилади агентлик хабарида.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияга саёҳат қилаётган, ушбу мамлакат ҳудудида бўлиб, чиқиб кетаётган Ўзбекистон фуқароларини гавжум жойларга бормасликка чақирди.

Агентлик маълумотларига кўра, 22 март куни Москва вилоятида содир бўлган теракт муносабати билан Россия Федерацияси бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилган.
«Россияга бораётган, ушбу мамлакат ҳудудида бўлиб турган ёки мамлакатдан чиқиб кетётган юртдошларимиздан ушбу хавфсизлик чоралари талабларини инобатга олган ҳолда ҳаракатланишни сўраймиз», — дейилади хабарда.

Хусусан, шахсни тақдиқловчи ва мамлакатда бўлиш ёки ишлаш ҳуқуқини бурувчи ҳужжатларни ўзлари билан бирга олиб юриш, жамоат жойларга сабабсиз бормаслик, нотаниш ёки шубҳали инсонлар билан мулоқотга киришмаслик, телефон ва бошқа қурилмаларда тақиқланган фото, аудио ва видео материалларни сақламаслик, сафар режалаштирилган бўлса, вокзал ёки аэропортга белгиланган вақтдан олдинроқ бориш кабилар тавсия қилинади.
«Юртдошларимиз бирор муаммога дуч келганда ёки ўзларини қизиқтирган бошқа саволлар билан мамлакатимизнинг консуллик идоралари ёки Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонасига мурожаат қилиши мумкин», — дейилади бошқармада.

Терактдан кейин қанча Ўзбекистон фуқароси Россиядан чиқариб юборилгани номаълум. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати ҳозирча бу маълумотга эга эмаслигини маълум қилди.

Mavzuga oid materiallar

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.