«Россия — руслар учун»: Крокусдаги терактдан кейин муҳожирлар оммавий равишда ирқчиликка дуч кела бошлади

Dunyo

«Крокус Сити Холл»даги терактдан сўнг Россияда ксенофобия кескин кучайди. Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирлари нафақат кундалик миқёсда, балки хавфсизлик кучлари томонидан ҳам алоҳида нафрат ва тажовузга дуч келди. Депутатлар муҳожирларнинг мамлакатга киришини чеклашни, шунингдек, уларни «кичик қонунбузарлик» учун ҳам депортация қилишни таклиф қила бошлади.

«Крокус Сити Холл»даги теракт ва Тожикистон фуқаролари бўлган гумондорлар қўлга олинганидан сўнг Марказий Осиёдан келган муҳожирлар Россияда алоҳида нафрат ва тажовузга учрай бошлади.

Эслатиб ўтамиз, 22 март куни кечқурун Москва ва Москва вилояти чегарасида жойлашган «Крокус Сити Холл» концерт зали ҳудудида асли Тожикистон фуқаролари бўлган шахслар ўт очган эди. Кейин бир нечта портлашлар содир бўлди. Шундан сўнг бинода ёнғин бошланган.

Сўнгги расмий маълумотларга кўра, теракт оқибатида 137 киши, жумладан, уч нафар бола ҳалок бўлган.

«Россия — руслар учун»


Взгляд.уз терактдан сўнг муҳожирларга ультиматум қўйилганига оид бир нечта мисолларни тўплади. Масалан, маҳаллий патруллар «шарқона кўринишга эга» эркакларни тўхтата бошлаган ва савдо марказларидан бирининг маъмурияти ижарачилардан Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистондан келган ходимлар ҳақида маълумот сўраган.

Худди шундай ҳодиса Хабаровск ўлкасида ҳам содир бўлган, у ерда россияликлар муҳожирлар ётоқхонасини ўраб олган ва гўёки болани ўғирламоқчи бўлган «рус бўлмаганларни» топиб, жазолашни талаб қилган.

https://www.youtube.com/watch?v=SXzaRHoIhlg

Бундан ташқари, айрим такси хизматлари фойдаланувчилари Тожикистон ҳайдовчилари билан саёҳат қилишдан бош тортишни бошлади. Телеграм каналлари иловаларда ҳайдовчилар Тожикистондан бўлса, буюртмани бекор қилишни сўраган одамларнинг скриншотларини жойлаштирмоқда. «Хайрли кун, агар сиз тожик бўлсангиз, буюртмани бекор қилинг. Мен сиз билан бормайман», деб ёзади фойдаланувчилардан бири.


Ҳокимият чекловлари


Бир кун аввал Новгород вилояти губернатори Андрей Никитин патент асосида ишлайдиган хорижликларга спиртли ичимликлар сотиш, автобус ва такси ҳайдовчиси сифатида ишлашни тақиқловчи фармонни имзолаган эди.

Илгари айрим ҳудудларда мигрантлар меҳнатига чекловлар Челябинск, Магадан, Калининград, Тула, Новосибирск, Тюмень, Калуга вилоятларида, шунингдек, Ханти-Мансилар мухтор округи – Югра ва Саха Республикасида қабул қилинган эди. Новгород вилояти чеклов жорий этилган 10-ҳудуд бўлди.

Агар уршимаса, бу яхши


Сиёсатчилар ва руҳонийларнинг терроризмнинг миллати йўқ деган баёнотларига қарамай, Интернетда одамлар террорчиларнинг ватандошлари ва умуман мигрантлар ҳақида ҳақоратомуз баёнотлар беришни бошлади.



72.RU журналисти мигрантлар анъанавий тарзда тўпланадиган жойга бориб, терактдан кейин уларнинг ҳаёти қандай ўзгаргани билан қизиқди.

Қурувчилардан бирининг таҳририятга айтишича, терактдан кейин хавфсизлик кучлари барча шаҳарларда оммавий рейдлар ўтказмоқда.

Унинг сўзларига кўра, муҳожирларни қўлларида таёқчалар билан ниқобли одамлар ўраб олишади ва барча славян кўринишида бўлмаган одамларни олиб кетишади, сўнг улар бўлимга олиб кетилади ва у ерда турли базаларда бир неча соат текширилади. Бу вақт давомида одамларга сув берилмайди ёки ҳожатхонага киришга рухсат берилмайди.
«Ҳаммани ушлашмоқда: тожиклар, ўзбеклар, қирғизлар. Ҳамма. Уларга [қайси миллат] аҳамияти йўқ. Улар ҳақорат қилишади, силтаб ташлашади, қўллардан тортиб юришади. Кеча бир йигитнинг курткаси енгини йиртиб ташлашган. Агар уршимаса, бу яхши, Москвада юзингизни ерга қўйиб, милтиқ қўндоғи билан уришмоқда», — деди қурувчи.

Мамлакатларнинг расмий баёнотлари


Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ватандошларига кечки пайт ишдан кейин уйларидан чиқмасликни ва оммавий тадбирларга бормасликни тавсия қилди. Баъзи иш берувчилар Тожикистондан ўз ходимларидан жорий шахсий маълумотларни: тўлиқ исм, паспорт маълумотлари ва яшаш жойи ҳақидаги маълумотларни тақдим этишларини сўрашди.

Шундан сўнг Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз ватандошларига мурожаат қилиб, кучайтирилган хавфсизлик чоралари туфайли фуқароларга Россияга саёҳат қилишдан вақтинча воз кечишни тавсия қилди. Россияда бўлганларга ҳужжатларни ўзлари билан олиб юриш тавсия қилинди.

Ўзбекистон Меҳнат миграцияси агентлиги Россиядаги ватандошларини жамоат жойларига сабабсиз бормасликка ва терактдан кейин кучайтирилган хавфсизлик чоралари талабларини инобатга олишга чақирди.

Агентлик матбуот котиби Ортиқхўжа Норовнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, айни пайтда Россияда 1 миллиондан ортиқ (бутун дунёда 2 миллиондан ортиқ) ўзбекистонлик меҳнат муҳожири бор.

Унинг сўзларига кўра, хавфсизлик чоралари кучайтирилган, эҳтимол иш жойлари ёки ётоқхоналарда текширувлар, рейдлар бўлган, аммо «бу аввал ҳам содир бўлган».

Улар таҳдид


Россия Давлат думаси депутати Михаил Шеремет муҳожирларнинг мамлакатга киришини чеклаш зарурлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, чет эллик шахслар хавф туғдиради, чунки улар «автоматик равишда Ғарб разведка хизматлари учун қизиқиш объектига айланади».

Давлат Думаси вице-спикери ва собиқ президентликка номзод Владислав Даванков муҳожирлар устидан рақамли назоратни кучайтириш ва «кичик қонунбузарлик» содир этилган тақдирда депортация қилишга чақирди.

«Одамларнинг мамлакатимизга келиши нафақат бу ерда виждонан ишламоқчи бўлганлар учун, балки тўғридан-тўғри ёвузликни хоҳлайдиганлар учун ҳам жуда осон», — деди у.

Mavzuga oid materiallar

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.