Вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабарига кўра, 27 март куни соат 15:40 да Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани ҳудудидан ўтувчи 4Р-107 автомобиль йўлининг 21-километрида ўлим билан якунланган ЙТҲ содир бўлган.
Маълум бўлишича, аёлнинг яқин қариндоши унга Nexia-3 русумли автомашинани бошқариш учун берган, бироқ ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган фуқаро тик нишабликда бошқарувни йўқотиб, катта тезликда бетон тўсиққа бориб урилган. Тўқнашувдан сўнг автомобиль ёниб кетган, машинада бўлган аёл ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзанди воқеа жойида ҳалок бўлган. Шунингдек, автомобилда бўлган ҳайдовчининг яна бир нафар фарзанди ҳамда яқин қариндоши (автомобиль эгаси) оғир тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.
«Барча фуқаролардан ҳайдовчилик гувоҳномасига ёки етарлича малакага эга бўлмай туриб автомобиль бошқармасликни сўраймиз», — деб таъкидлади Сурхондарё вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси.