Қашқадарёда таниқли самбочи Тўра Авлоқулов 50 минг сўм сабабли отиб ташланди

O‘zbekiston

Қашқадарё вилоятида машҳур самбочи Тўра Авлоқулов бошига ўқ узилди. Марҳум маҳалладаги кафелардан бирида таниши билан 50 минг сўм устида жанжаллашиб қолган. Жабрланувчи шифохонада вафот этган. Уни отган шахс ҳибсга олинган.

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида таниқли самбочи Тўра Авлоқулов отиб ўлдирилди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Взгляд.uz»га хабар берди.

Маълумотларга кўра, ҳодиса 29 март куни маҳаллий кафелардан бирида ҳисоб ёпилаётган пайтда содир бўлган. Икки нафар фуқаро биргаликда кафега борган ва спиртли ичимлик истеъмол қилган. Улар бир соатлардан сўнг кафедан чиқиб Тўра Авлоқуловни кўриб қолган ва уни ҳам автомашинага миндириб, бошқа кафега борган.

«Йўлда унга [Тўра Авлоқулов] тушлик пулини тўлиқ тўлаши учун 50 минг сўм бердим. Лекин ҳисобни бутунлай ёпмаслигини айтиб, уларни қайтариб берди. Пулни олмай, ундан жаҳлим чиқиб, машинадан қўлбола қурол олиб чиқиб, бошига бир марта ўқ уздим», — дейди қўлга олинган шахс.

Оқбатида жабрланувчи ўта оғир ҳолатда касалхонага ётқизилган ва шифохонада вафот этган. Уни отиб ташлаган шахс қочишга уринган ва воқеа жойидан тахминан 500 метр масофада автомашинасида туман ИИБ ходимлари томонидан ушланган.

Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси хулосасида қайд этилишича, жабрланувчининг танасида оғир очиқ тешиб ўтувчи бош мия жароҳати, бош мия ичидаги металл ва суяк парчалари, чап пешона суягининг парчаланиб синган жароҳати, чап қош устида эзилиб йиртилган кўринишида тан жароҳатлари борлиги, аҳволи ўта оғир даражада эканлиги қайд этилган.

Ҳолат юзасидан Шаҳрисабз туман прокуратураси томонидан фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми «д» ва «л» бандлари (безорилик оқибатида, бошқа шахсларнинг ҳаёти учун хавфли бўлган усулда қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Mavzuga oid materiallar

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.