Толибон ҳаракатидан террорчилик ташкилоти мақомини олиб ташлаш масаласи ишлаб чиқилмоқда, якуний қарорни Россия олий раҳбарияти қабул қилади. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазирлигига таяниб, ТАСС хабар бермоқда.
«Толибон ҳаракатидан террорчилик ташкилоти мақомини олиб ташлашга келсак, бу масала Ташқи ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Россиянинг бошқа тегишли идоралари томонидан ўрганилмоқда. Якуний қарорни мамлакат олий сиёсий раҳбарияти қабул қилади», — дейилади дипломатик департаментда.
Аввалроқ Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили, Ташқи ишлар вазирлигининг Осиё бўйича иккинчи департаменти директори Замир Кабулов ТАСС агентлигига Афғонистонда ҳокимият тепасида турган «Толибон» ҳаракати делегацияси форумда иштирок этиш учун таклиф этилганини маълум қилганди.
14-19 май кунлари Қозон шаҳрида «Россия–Ислом олами: KazanForum» халқаро иқтисодий форуми бўлиб ўтади.
