9 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди 24 ёшли Х.А.га нисбатан маъмурий иш кўриб чиқди. «Взгляд.uz» суд қарорини ўрганди.
Иш материалларига кўра, 27 март куни фуқаро Х.А. поезд «Пахтакор» бекатидан ҳаракатланаётган вақтда вагонда одамлар кўплигидан фойдаланиб, қўлини нотаниш қизнинг белидан пастга қўйиб, шаҳвоний тусдаги ҳаракатларни содир этган.
Жабрланувчи қизнинг сўзларига кўра, аввалига у турган қизнинг орқасидаги сумка унга тегяпти деб ўйлаган, бироқ яна бир тегинишдан сўнг йигитнинг қўлидан ушлаб олган. Қиз у билан гаплашмоқчи бўлганида йигит қочиб кетган.
Суд жараёнида фуқаро Х.А. вагонда одамлар кўп бўлиб, ўзи билмаган ҳолда қизга тегиб кетганини айтди.
Суд ҳукмига кўра, эркак Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддасида (Шаҳвоний шилқимлик қилиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилган ва унга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.