ЖК спикери фуқароларни фарзандларига қирғизча исм қўйишга, давлат идораларини эса рус ва инглиз тилларидаги мултфилмларни блоклашга чақирди

Dunyo

Жогорку Кенеш спикери Нурланбек Шакиев 11 апрель куни «Ҳалол индустрияси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинган парламент йиғилишида ҳамкасбларига: «Бу ҳалол эмас, балки адал», деб тузатиш киритди.

У депутатларни қирғиз тилида сўзлаш ва номларни шу тилда аташга чақирди, чунки кўп сўзлар араблашган ёки руслаштирилган.

«Болаларга исм қўйганингизда ҳам асосан арабча исмлардан фойдаланасиз. Бизда жуда кўп гўзал қирғиз исмлари бор: Бакыт, Таалай, Эльмурза, Улукбек, Балбак, Чолпон, Жылдыз, Нурбек, Акылбек. Бу масалага етарлича эътибор беришимиз керак. Шу аснода нафақат тилдан, балки қирғизча номлардан ҳам айриламиз», — деб таъкидлади спикер.

Шакиев ҳудудларда эндигина гапира бошлаган болалар рус тилида гаплашишини қайд этди.

«Болалар телефонларида кўраётган барча мултфилмлар рус тилида, қирғиз тилида бирорта ҳам мултфилм йўқ. Рус ва инглиз тилларида мултфилмларни блоклаш керак бўлади. Тилимизни сақлаб қолиш учун бугундан иш бошламасак, эртага тилимиз йўқолиб кетади», — дея мурожаат қилди у қирғиз халқига.

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.