12 апрель куни Бухоро вилоятининг Галаосиё шаҳридаги «Оқшом» тўйхонасида ўтказилган тўйда 53 киши, жумладан, болалар заҳарланди, деб хабар берди Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси.
13 апрелга ўтар кечаси Бухоро вилояти марказий шифохонасига қориндаги оғриқ, қусиш, ҳолсизлик шикоятлари билан 16 нафар фуқаро, жумладан, 4 нафар бола келтирилган.
У ерда ишлаётган барча шифокорлар, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси мутахассислари зудлик билан шифохонага олиб келинган.
Барча беморларга ўткир диарея, гастритик ва гастроэнтеритик шакли, ўрта оғирликда кечиши ташхиси қўйилди ва тегишли инфузион терапия бошланди.
Вобкент тумани тиббиёт бирлашмасига худди шундай шикоят билан 37 нафар фуқаро, жумладан, 9 нафар бола мурожаат қилган. Уларга ҳам худди шундай ташхис қўйилган.
13 апрель соат 9:00 ҳолатига кўра, соғлиғи қониқарли бўлган 43 нафар: Бухоро вилоятида 11 нафар, Вобкент вилоятида 32 нафар фуқаро тиббиёт муассасаларидан чиқарилган. Кун давомида қолганларни уйларига қўйиб юбориш режалаштирилган эди.
Тиббиёт ходимлари барча беморларнинг аҳволини назоратга олишди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси фуқароларни истеъмол қилаётган озиқ-овқат сифатига эътиборни кучайтиришга чақирди.