Қозоғистон президенти оиладаги зўравонлик тўғрисидаги қонунни имзолади, дея хабар бермоқда Закон.кз давлат раҳбари матбуот хизматига таяниб.
Ҳужжатга кўра, қонунаёллар ҳуқуқлари ва болалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат сиёсатининг ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, институционал ва ташкилий асосларини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Нашрнинг қайд этишича, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўриниши учун жавобгарликни кучайтирувчи нормалар жорий этилмоқда.
Хусусан, қонун билан қасддан баданга енгил шикаст етказиш ва оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарликни кўзда тутади. Бундай хатти-ҳаракатни содир этганларга жарима, жамоат ишлари ва қамоқ жазолари қўлланиши мумкин. Баданга енгил шикаст етказганлик учун максимал жазо — 50 кунгача, калтаклаш учун — 25 кунгача қамалиш мумкин. Қозоғистон ички ишлар вазири ўринбосари Игор Лепеханинг қайд этишича, жазога ҳукм этилганлар жазони тергов изоляторида ўтайди.
Бундан ташқари, жисмоний зўравонлик ва вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар, шунингдек, калтаклаш ва баданга енгил шикаст етказиш тўғрисидаги моддаларда назарда тутилган ҳаракатлар томонлар ярашган вақтдан бошлаб бир йил мобайнида такроран содир этилган ҳолатларда томонларнинг ярашувига имкон берилмайди.
Қонун билан оилавий зўравонлик қурбонлари учун махсус ижтимоий хизматлар кўрсатишга мўлжалланган оилаларни қўллаб-қувватлаш марказларини ташкил этиш назарда тутилган.
Шу жумладан, 16 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан жинсий таҳқирлаш ҳолатлари учун жиноий жавобгарлик жорий қилинади, шунингдек, Қозоғистонда илк бор вояга етмаган шахсларни, жумладан интернетда таъқиб қилиш ва қўрқитиш (безорилик, кибербуллинг) учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.