Apple Хитойдаги App Store рақамли дўконидан бир қатор иловаларни, жумладан WhatsApp, Telegram, Signal, Line ва Threads мессенжерларини олиб ташлади. ОАВ маълумотларига кўра, бу юқоридаги хизматлар миллий хавфсизликка таҳдид солиши мумкинлиги ҳақидаги шубҳалар туфайли расмийларнинг илтимосига биноан қилинган.
Пекин WhatsApp ва Threadsʼни олиб ташлашни талаб қилди, чунки бу иловалар «Хитой Халқ Республикаси раҳбари номига қарама-қарши баёнотлар»ни ўз ичига олган сиёсий контентга эга, деб ёзади The Wall Street Journal хабардор манбага таяниб. Бироқ Apple буни рад этди.
«Биз фаолият юритаётган мамлакатлар қонунларига риоя қилишга мажбурмиз. Улар билан ҳамфикр бўлмасак ҳам», — деди Apple вакиллари.
Хитой иловалари дўконини тозалаш Қўшма Штатларда муҳокама қилинаётган TikTok (Хитойнинг ByteDance компаниясига тегишли) олти ой ичида америкалик харидорга сотилишини назарда тутувчи қонун лойиҳаси фонида юз берди. Агар келишув амалга ошмаса, мамлакатда ижтимоий тармоққа кириш блокланиши мумкин.